Перейти к содержимому

Нормативные документы ШНҚ 2.01.05-24

ШНҚ 2.01.05-24, 2-банд

2-боб. Атамалар, таърифлар ва қисқартмалар

2

Ушбу ШНҚда қуйидаги атама ва таърифлардан фойдаланилган:

авария ҳолатидаги ёритиш – ишчи ёритиш таъминотининг ишдан чиқиш ҳолатида кўзда тутиладиган ёритиш;

аралаш ёритиш – табиий ва сунъий ёритишни бир вақтда амалга оширилиши;

аҳоли пункти – ҳуқуқий мақом, ном ва чегара билан белгиланган Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирлиги (шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овул);

бино – функционал мақсадига қараб одамлар яшаши ёки бўлишига ва ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажаришга мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат қурилиш тизими;

бирлашган шинамсизлик кўрсатгичи UGR – кўриш чоғида равшанликнинг нотекис тақсимланишидан келтириб чиқарадиган ялтироқликни баҳолаш мезонидир ва у қуйидаги формула орқали аниқланади:

формула

Бунда:

Li – ялтироқ манбанинг равшанлиги, cd/m2;

ωi – ялтироқ манбанинг бурчакли ўлчови, стерадиан;

pi – кўриш чизиғига нисбатан ялтироқ манба позициясининг индекси;

Lа – адаптация равшанлиги, cd/m2;

вертикал ёритилганлик (lx) – вертикал текисликдаги ёритилганлик;

горизонтал ёритилганлик (lx) – горизонтал текисликдаги ёритилганлик;

ён томондан табиий ёритиш – хоналарни ташқи деворларидаги дерзалар орқали табиий ёритиш;

ёритилганлик Е (lx) – кўриб чиқилаётган нуқтани ўзига олган сирт элементига тушаётган ёруғлик оқими dФ нинг шу элементни юзаси dA га нисбати: E=dФ/dA;

ёритилганликнинг пульсация коэффициенти Кп, фоиз – газразрядли чироқларни ўзгарувчан ток билан таъминланганда, ёруғлик оқимининг вақт бўйича ўзгариши натижасида ёритилганлик тебранишларининг нисбий чуқурлигини баҳолаш мезони ҳисобланади ҳамда у қуйидаги формула орқали аниқланади:

формула

Бунда:

Еmах ва Еmin – мос равишда ёритилганликнинг тебраниш давридаги максимал ва минимал қийматлари, lx;

Еo‘r – шу давр ичида ёритилганликнинг ўртача қиймати, lx;

ёруғлик иқлимининг коэффициенти (m) – ёруғлик иқлими хусусиятларини ҳисобга олувчи коэффициент;

захира коэффициенти (Кз) – ёриткичини эксплуатация қилиш жараёнида ёритилганлик ёки равшанликнинг пасайишини ҳисобга олувчи коэффициент;

ишчи юза – иш олиб бориладиган ва ёритилганлик нормаланадиган юза;

ишчи ёритиш – бинолардан ташқарида иш олиб бориладиган жойларда нормалаштирилган ёритиш шароитларини таъминлайдиган ёритиш;

иншоот – ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажариш, моддий қимматликларни жойлаштириш ва сақлаш, одамларнинг вақтинча бўлиши (ҳаракатланиши), шунингдек ускуналар ёки коммуникацияларни жойлаштириш (ўтказиш, улаш) учун мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат ҳажмий, ясси ёки чизиқ тарзидаги қурилиш тизими;

кўз қамаштириш кўрсаткичи Р – ёритиш қурилмасининг кўзни қамаштириш таъсирини баҳолаш мезони ҳисобланади ва у формула орқали аниқланади: Р = (S-1) 1000

Бунда, S-кўриш чоғида кўз қамаштириш манбаларининг борлиги ва йўқлигида равшанликнинг чегаравий фарқларининг нисбатига тенг кўз қамаштириш коэффициентидир;

максимал ёритилганлик (lx) – ёритиладиган ҳудудда ёритилганликнинг энг катта қиймати;

минимал ёритилганлик (lx) – ёритиладиган ҳудудда ёритилганликнинг энг кичик қиймати;

маҳаллий ёритиш – умумий ёритишга қўшимча бўлган ёритиш бўлиб, ёриткичларнинг ёруғлик оқимини иш жойларига бевосита йўналтирилади;

навбатчи ёритиш – ишдан ташқари вақтдаги ёритиш;

равшанлик (cd/m2) – ёруғлик манбаининг берилган йўналиш бўйича ёруғланишини ифодаловчи катталик;

ранг узатиш индекси – аниқ кузатиш шароитларида текширилаётган ва стандарт ёруғлик манбалари билан ёритилган рангли объектни кўришни қабул қилиш мослигининг ўлчови;

ранг ҳарорати Тс – планк (қора жисм) нурлантиргичининг ҳарорати, бунда унинг нурланиши қаралаётган объектнинг нурланиши билан бир хил рангга эга бўлади.

ранг узатиш – ёруғлик манбаининг спектрал таркибининг рангли объектларни кўриш идрокига таъсирини тавсифловчи умумий тушунча бўлиб, стандарт ёруғлик манбаи билан ёритилган ўша объектларни идрок қилиш билан таққосланади.

светодиод – яримўтказгичли диод орқали электр токи ўтказилганда тўлқинлар узунлиги кўриш диапазонида когерент бўлмаган нурланишлар чиқаришга асосланган ёруғлик манбаи;

табиий ёритиш – хоналарни (тўғри ёки қайтган), ташқи тўсиқ конструкцияларидаги ёруғлик дарчалари орқали ўтувчи осмон ёруғлиги билан ёритиш;

табиий ёруғлик бўлмаган хона – табиий ёритиш коеффициенти 0.1 фоиздан кам бўлган хона;

табиий ёритиш коэффициенти (бундан буён матнда ТЁК деб юритилади) – хона ичида берилган текисликнинг бирор нуқтасида осмон ёруғлиги (бевосита ёки қайтгандан кейин) ҳосил қиладиган табиий ёритилганликнинг тўлиқ очиқ осмон гумбази ёруғлиги ҳосил қиладиган ташқи горизонтал ёритилганликнинг бир вақтдаги қийматига нисбати; фоизларда ифодаланади.

турар жой объектлари – одамлар яшаши учун мўлжалланган бинолар, доимий яшаш учун уй-жойлар (хонадонлар), шунингдек вақтинча яшаш учун ётоқхоналар, меҳмонхоналар, мактаб-интернатлар, қариялар уйлари;

хонанинг индекси i – хонаннинг геотермик хусусиятлари ёрдамида аниқланадиган ва ёриткичларнинг фойдаланиш коэффициентини ҳисоблаш учун қўлланиладиган катталикдир ҳамда у қуйидаги формула ёрдамида аниқланади:

формула

Бунда:

a ва b – бино узунлиги ва кенглиги, m;

ℎ0 – ёриткичларнинг ишчи юза устида осилиш баландлиги, m;

цилиндрик ёритилганлик Ец – хонанинг ёруғлик билан тўйиниш хусусияти. Хонада вертикал жойлашган, радиуси ва баландлиги нолга интилувчи цилиндр сиртидаги ёруғлик оқимининг ўртача зичлиги орқали аниқланади;

шартли ишчи юза – полдан 0,8 m баландликда жойлашган горизонтал юза;

эвакуация ёритиши – нормал ёритиш авария ҳолатида ўчирилганда, хонадан одамларни эвакуация қилиш учун зарур бўлган ёритишдир;

Эксплутация коэффициенти (табиий ёруғлик учун) МF, нисбий бирликлар - белгиланган хизмат муддати охирида табиий ёритиш натижасида яратилган маълум бир нуқтадаги ТЁК қийматининг эксплуатация бошидаги худди шу нуқтадаги ТЁК қийматига нисбатига тенг бўлган коэффициент.

Ушбу коэффициент дераза ойналарининг ифлосланиши ва эскириши шунингдек хона сиртларининг акс эттирувчи хусусиятларининг пасайиши туфайли эксплутация жараёнида ТЁК нинг камайишини ҳисобга олади ва қуйидаги формуладан ҳисоблаб топилади: МF=МFз ∙ МFп

Бунда:

МFз – эксплутация жараёнидаги дераза ойналарининг ифлосланиши ва эскириши туфайли ТЁКни камайишини ҳисобга олувчи коэффициент;

МFп – эксплутация жараёнидаги хона юзаларини нур қайтариш хусусиятларини пасайиши туфайли ТЁКни камайишини ҳисобга олувчи коэффициент;

Эксплутация коэффициенти табиий ёритиш учун олдин қўлланилган захира коэффициенти Кз га тескари катталик (МF=1/Кз);

Эксплуатация коэффициенти (сунъий ёритиш учун) МF, нисбий бирликлар - белгиланган фойдаланиш муддати охирида ёритиш қурилмаси томонидан ҳосил қилинган маълум нуқтадаги ёритилганлик ёки равшанликнинг, шу нуқтадаги эксплуатация бошидаги ёритилганлик ёки равшанликка нисбатига тенг бўлган коэффициентдир.

Ушбу коэффициент ёритиш қурилмасидан фойдаланиш давомида ёруғлик оқимининг пасайиши, ёруғлик манбаларининг ишдан чиқиши ва ёритиш асбобларининг оптик элементларининг қайтарувчи ҳамда ўтказувчи хусусиятларининг тикланмайдиган ўзгариши, шунингдек хона юзаларининг, бино ёки иншоотнинг ташқи деворларининг, йўл ёки пиёдалар йўлагининг ҳаракатланиш қисмининг ифлосланиши натижасида ёритилганлик ёки равшанликнинг камайишини ҳисобга олади ва қуйидаги формуладан ҳисоблаб топилади: МF=МFсп∙ МFви ∙ МFоп∙ МFп

Бунда:

MFcп – ёруғлик манбаларининг ёруғлик оқимининг пасайишини ҳисобга олувчи коэффициент;

МFви – ёруғлик манбаларининг ишдан чиқишини ҳисобга олувчи коэффициент;

MFoп – ёритиш асбоблари оптик элементларининг ифлосланиши, ҳамда қайтарувчи ва ўтказувчи хоссаларининг тикланмайдиган ўзгаришини ҳисобга олувчи коэффициент;

MFn – хона ёки иншоотнинг акс эттирувчи юзаларининг ифлосланишини ҳисобга олувчи коэффициент.

Эксплутация коэффициенти захира коэффициенти Кз га тескари пропорционал (MF=1/Кз);

юқоридан табиий ёритиш – хоналарнинг фонарлар орқали табиий ёритилиши, бинонинг баландликлари ҳар хил бўлган жойларида деворлардаги ёруғлик туйниклари;

ярим цилиндрик ёритилганлик – кўча бўйлаб унинг ўқига параллел ҳаракатланаётган кузатувчи учун фазонинг ёруғлик билан тўйинганлиги ва сояни ҳосил қилувчи ёритиш эффектининг тавсифи. Радиуси ва баландлиги нолга интилувчи ярим цилиндрнинг 1,5 m баландликдаги кўчанинг бўйлама чизиғида вертикал жойлашган юзасидаги ёруғлик оқимининг ўртача зичлиги сифатида аниқланади. Ярим цилиндрик ёритилганликни ҳисоблаш муҳандислик усули билан амалга оширилади.

Официальный источник: lex.uz. Редакция: 04.11.2026. Латиница — автоматическая транслитерация, официальный текст на кириллице.

Мы принимаем

UzcardHumoVisaMastercard

Оплата проходит на защищённой странице платёжной системы и подтверждается по 3D Secure. Данные карты на нашем сайте не хранятся.